Жамият таназзули, тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга қарши кураш борасида давлатимиз томонидан изчил чора-тадбирлар, бу борада тегишли қонун, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинаётганлигига қарамасдан бундай жирканч иллатлар ҳамон кўзга ташланаётгани ғоят афсусланарли ҳолатдир.

Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида коррупция иллатига барҳам берилмаётганлиги билан боғлиқ хабарлардан воқиф бўлдик. Айни шу масалада ўтказилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳайъат йиғилиши тафсилотларини эшитдик.

Мазкур университетдаги коррупция билан боғлиқ салбий ҳолатлар муҳокама марказида бўлганлиги энг аввало, бу қинғир ишга йўл қўйган ҳар қандай таълим муассасаси ва унинг масъулларига нисбатан жазо муқаррарлиги, коррупциянинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, таълим сифатини ошириш, мутасадди раҳбарлар, профессор-ўқитувчиларнинг жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш борасида унда айтиб ўтилган ўринли ва аччиқ гаплар республика олий таълим тизимидаги ҳар бир мутасадди раҳбарлар ҳамда профессор-ўқитувчиларни жиддий хулосалар чиқаришга ундаши даркор.

Дарҳақиқат, нафақат олий таълим, балки бутун мамлакат ривожига катта тўсиқ бўладиган таъмагирлик, таниш-билишчилик, коррупция иллатлари биз учун мутлақо ёт бўлиши керак. Ҳар бир давлат хизматчиси, айниқса илму маърифат зиёсини улашаётган таълим соҳаси ходимлари, профессор-ўқитувчилар виждонига қулоқ тутиши, топаётган ризқини, олаётган ойлигини фақат ва фақат ҳалол меҳнати билан топсагина, бу нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам манфаат келтиришини юракдан ҳис этиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифасига айланмаслиги керак. Бу долзарб масаланинг нақадар муҳим аҳамият касб этишини олий таълим муассасасининг ҳар бир хизматчиси, ректордан тортиб оддий ходимгача чуқур англаши лозим.

Одилжон Маматкаримов,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

"Миллий тикланиш" демократик партияси фаоли.

© namangan24.uz

--> -->