Ўзгалар қаровига муҳтож, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади. Бу эзгу фазилатлар айниқса меҳру оқибат, яхшиликни ўзида мужассам этган муқаддас Моҳи Рамазон ойида юксак намоён бўлади.

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Миллий тикланиш” партияси гуруҳи раҳбари, профессор Одилжон Маматкаримов 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган “Саховат” кекса ва ногиронлар учун интернат уйига борди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 1 майдаги “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ёлғиз ва ногиронлиги бор фахрийлар учун байрам дастурхони ёзилди. “Саховат” уйида давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб келаётган улуғ ёшдаги инсонлар билан бирма-бир дилдан мулоқотда бўлди. Институт маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари улашилди. 93 ёшли Равиль ота Урманов кўрсатилган эътибор ва эъзоз учун миннатдорлик сўзларини билдирди.

Сенатор Одилжон Маматкаримов “Саховат” уйидаги шарт-шароитларни яқиндан ўрганди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги мазкур муассасада бугунги кунда 14 нафар қария истиқомат қилиб келишмоқда. Уларнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги таъминоти борасида барча етарли шароитлар яратиб берилган. Фахрийларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида шифокор ва ҳамширалар ҳам фаолият олиб боришади. Муаммо шундаки, “Саховат” уйи биноси бугунги кун талабига жавоб бермай қолган.

“Саховат” уйи директори Ҳамидулло Турсуновнинг маълум қилишича, Наманган шаҳридаги “Орзу” даҳасида 50 ўриинли, 5 та коттеж қурилиши бошланган, аммо бу хайрли бунёдкорлик ишлари 70 фоизга адо этиган пайтда тўхтатиб қўйилган. Олий Мажлис Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов мазкур масалани вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгашида ижобий ҳал этилишини айтиб ўтди.

Бундай эътибор ўз навбатида эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->