Янгиланаётган Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги учун ўзини масъул партия деб даъво қилаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари бутун бошли мамлакат истиқболига ўзини жавобгар сифатида билишдан аввал саводхонликка бир эътибор қаратиб қўйишлари керак!

Негаки, ЎзЛиДеПчилар 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига бўладиган сайловлар арафасида тарғибот воситаларини халқимизга таништиришда катта “қовун” туширганларига нима дейсиз!?!

Ушбу суратда кўриб турганингиздек, “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам инсонга хизмат қилиши керак!” деган баландпарвоз гаплардан иборат шиорни ёзишда Либераллар хатога йўл қўйиб, саводсизликларини кўрсатиб қўйишди.

Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: “Ислоҳот” сўзини тўғри ёзишни билмайдиган, уни “ислоҳит” дея нотўғри ёзадиган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан қандай қилиб “изчил ислоҳотлар”ни, мамлакатимизнинг “ёрқин келажаги”ни кутиш мумкин!?!...

Шу ўринда атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг она тилимизни эъзозлаш ҳақидаги қуйидаги аччиқ ҳақиқатли гаплари ёдимизга келди: “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тил бузганга ҳеч ким индамайди?”

Қайд этиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 21 октябрь куни пойтахтимиздаги “Конгресс-холл” саройида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан бири саналган ўзбек тилининг нечоғлик чуқур тарихий илдизга бориб тақалишига эътибор қаратиб, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак” – дея алоҳида таъкидлади.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, янгиланаётган Ўзбекистонда бўлажак сайловларда баландпарвоз гаплар билан халқимизнинг, айниқса сайловчиларнинг ишончини қозониш жуда мушкул. Яхшиси, ЎзЛиДеПчилар ўзлари илгари сурган “ёрқин келажак”ка “қўл уриш”дан аввал, ислоҳотларни саводхонликни ошириш, она тилимизга бўлган эътиборни тубдан ўзгартиришдан бошлаганлари маъқулдир.

Зеро, тилга эътибор – элга эътибор, миллатга эътибор демакдир.

Оқилхон Дадабоев,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоли.

© namangan24.uz

--> -->