Бундан уч-тўрт  кун аввал Хоразмдан Наманганга муаммоларни ўрганиш “фони”да келган, ўзини “инсон ҳуқуқлари фаоли”, деб иддао қилган блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова (Облоқулова)нинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган видео-хабарлари кўпчилик юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Наманган вилоятининг имижига “соя соладиган”, Президентимиз сиёсатини юритиб келаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жамият олдида обрўсизлантиришга қаратилган, халқимизни давлатимизга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотишдек ғараз мақсадлар илгари сурилган бу “чиқиш”ларга нисбатан Наманган шаҳар ҳокимлиги ўз баёнотини эълон қилди.

Мазкур расмий баёнотда шундай дейилади:

Наманган шаҳар ҳокимлигининг Баёноти

Ассалому алайкум ҳурматли ватандошлар!

Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати, сўз эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш кафолатларини таъминлаш каби ислоҳотлар натижасида давлат идоралари аҳолининг турмуш шароити, кундалик эҳтиёжларига оид муаммоларидан тезкорлик билан хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга босқичма-босқич эришилмоқда.

Бугунги кунда юртимизнинг ижтимоий тармоқларида виждонли, халқ дардини ўз дарди ҳисоблаб, холис иш юритадиган ва ҳаққоний ёритадиган юзлаб “блогер” ва журналистлар мавжуд. Биз бундай фидойи инсонларни ҳар қандай кўтарган масаласини тезкорлик билан кўриб чиқиб, ҳал этишга тайёрмиз.

Шу билан бирга, бу имкониятдан айрим маънавияти паст, ўз тилини жиловлай олмаган шахслар “блогер” ниқоби билан буюртма асосида тирноқ остидан кир ахтаришни, халқни ҳокимият идораларига қарши қайрашни касб қилиб олмоқдалар. Мазкур қўштирноқ ичидаги “блогер”лар аҳоли орасида ҳақиқий блогер ва журналистларга ишончсизлик туйғуларини уйғотмоқдалар.

Жумладан, блогер Шабнам (Нафосат) Алошукурова 2019 йил 17 август куни Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали шаҳар ҳокими ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари – шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раисининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, “Наманган шаҳар ҳокимининг ифлослигига чек қўйиш керак”, деган куракка сиғмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди.

Бундан ташқари блогер Шабнам (Нафосат) Алошукурова “Наманганда ўзи эркак борми?” деган Наманган шаҳри аҳлининг қадр қимматини камситадиган, ерга урадиган сўзлари билан 700 мингга яқин шаҳар аҳолисининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ва Наманган аҳолисига билдирилган бўҳтон фикрлар юзасидан албатта ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли чора кўриш учун мурожаат этилади.

Ўз навбатида Наманган шаҳрида сохта “блогер”лар  томонидан шаҳар аҳолисини маҳаллий ҳокимиятга нисбатан қайрашга йўл қўймаслик учун муносабат билдирган блогерлар, журналистлар ва Наманганга бефарқ бўлмаган фуқароларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Биз ишонамизки, Наманган аҳли ғаламис кимсаларнинг провакациясига ҳеч қачон берилмайди.

Чуқур ҳурмат билан,

Наманган шаҳар ҳокимлиги.

© namangan24.uz    

 

--> -->