Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтирмоқда. Миллий қонунчилигимизда бўлажак сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилгани ҳар бир партия зиммасига катта масъулият юклайди.

Партиялар учун рақобатга бой сайловолди курашга киришиш – ўз сайланган вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишни англатади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар, ислоҳотлар изчиллиги ва барқарор ривожланишни, инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини таъминлашда партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Кучли демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан дадил одимлаётган юртимизда давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар бир инсон бугунидан рози бўлиб яшаши керак. Халқнинг бугунидан кўнгли тўлиб, эртага умид кўзи билан боқиши эса ислоҳотларнинг қай даражада амалга оширилаётгани, улар қай даражада халқнинг корига яраётгани билан белгиланади.

Давлат ва ҳокимият бошқарувидаги ҳар бир ташкилот вакили бугун халқ билан бирга бўлиб, уларнинг муаммо ва ўй-ташвишларига шерик бўлмоқда, амалий ечими борасида иш олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам мазкур жараёнда муносиб ўринга эга бўлган фаоллари ва вакиллари билан аҳолининг турли қатламлари орасига кириб бормоқда. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир ёшнинг мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси билан камолга етишида камарбаста бўлмоқда.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши ҳам вакиллик органларига бўладиган муҳим ижтимоий-сиёсий кампанияда муносиб иштирок этиш ва ўз олдига қўйган мақсадларга эришишга зўр бермоқда.

Инсон ўзини англамоғи учун, аввало, руҳан уйғонмоғи шарт. Бинобарин, жамият ҳам. Биз кечаги лоқайдлигимиз, бепарволигимизни, энди ҳаётга бундай мудроқ муносабатда бўлиш хато эканини англаб етишимиз зарур.

Ҳаётимизнинг барча жабҳасида янгича ёндашув ва талабларни жорий этиш, аҳоли ўртасида ташаббускорлик, халқ тақдирига дахлдорлик ва ўз келажагига масъулият ҳиссини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу жиҳатдан қараганда, бугунги ўзгаришларга четдан кузатувчи сифатида қараб туришга, бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Партиямиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” эзгу ғоясини амалга ошириш учун энг аввало, тарихий анъана, қадрият ва урф-одатлар, узоқ минг йиллик бой ўтмишимизни асраб- авайлаган ҳолда келажакка интилиш, барча соҳада самарали амалий ислоҳотларни ўтказиш тарафдори.

ЎзМТДП сайловолди Платформасида инсони ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш йўлида бир қатор амалий ташаббусларни илгари сурмоқда.

Партиямиз “Парламентни “халқ уйи”га, депутатларни халқимизнинг фидойи хизматчисига айлантириш”ни амалда таъминлашни асосий вазифаларидан бири, деб билади. Чунончи, парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларини, энг аввало, ўз сайловчилари билан доимий ва узлуксиз алоқасини йўлга қўйиш чоралари кўрилади.

Ўқитувчи ва устозлар мақомини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида улар учун қулай, ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан ҳоли меҳнат шароитлари яратилади.

Партия мамлакатимизда узлуксиз тарбия тизими яратилмаганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур йўналишда концепция яратиш, узлуксиз таълим билан бир қаторда узлуксиз тарбия тизимини шакллантириш ҳамда узлуксиз таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш таклифларини илгари сурилмоқда.

- Партиямиз дастурида тилимизни ривожлантириш масаласи энг устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Тилимиз масаласида ҳали жамиятнинг зиёли қатлами қиладиган ишлар жуда кўп. Зеро, бежиз бу кун байрам сифатида нишонланадиган кунга айлантирилмади. Узоққа бормай, ён-атрофимиз, кўча-кўйга бир назар солайлик. Шунда адабий тил меъёр-қоидаларига қай даражада риоя қилаётганимиз яққол намоён бўлади. Кўча-кўйдаги эълон ёхуд афишалардаги ғиж-ғиж хатолар ҳақида ёзавериб, айтавериб чарчадик. Яна бир гап. Амалдаги қонунда пештахталарга аввал ўзбек, кейин заруратга қараб бошқа тилда ёзилиши белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб ЎзМТДП сайловолди Дастурида “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш, унинг ижросини таъминлаш масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Миллий тикланиш” партияси томонидан хорижда яшаётган ҳамюртларимиз билан доимий алоқани йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлаш, хорижда ўқиётган Ўзбекистон ёшлари билан узвий ва яқин алоқани таъминлаш бўйича тизимли ва доимий чоралар амалга оширилади.

Мамлакат тараққиёти, фаровонлиги ва ривожи йўлида устувор саналган ушбу муҳим вазифалар партиянинг халқ олдида турган, долзарб аҳамиятга эга бўлган сайловолди кураши ҳамда кейинги истиқболида етакчилик қилади.

Бинобарин, миллатнинг қаддини, қадрини тиклашга интилаётган партиямиз учун ўз сайланган вакиллари орқали давлат ва жамият бошқарувида етакчилик қилиш, тарихий улуғворлигимизни, миллий ўзлигимизни, нодир маданий меросимизни асраб-авайлашда фаолликни қўлдан бермаслик устувор вазифадир.

Ғайратжон Тўйчибоев,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Наманган вилояти Кенгаши раиси.

© namangan24.uz

--> -->