Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Улуғбек Илясович Иноятов Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси этиб сайланди.

Бу ҳақда “Namangan24.uz”сайтига партиянинг пойтахтдаги яқин манбалари хабар берди.

Бизга хабар беришларича, бугун – 2019 йил 1 июнь куни Тошкентда ЎзХДП Марказий кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми ўтказилган. Унда партиянинг амалдаги раҳбари, 2015 ва 2016 йиллардаги сайловларда Президентликка номзоди кўрсатилган Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов ўз лавозимини тарк этди. Улуғбек Илясович Иноятов партияга раислик қиладиган бўлди.

Маълумот ўрнида, ўз вақтида Андижон вилояти ҳокимига ўринбосар бўлган Ҳотамжон Кетмонов 2013 йилдан буён ЎзХДПни бошқариб келаётганди. У 2015 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари ҳам эди.

Дарвоқе, 2018 йил 20 июнда Ўзбекистон халқ таълими вазирлигидан бўшатилиб,  Наманган вилоятига университет ректорлигига юборилган Улуғбек Иноятов 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумот олий, мутахассислиги муҳандис. 1985 йили Тошкент политехника институтини (ҳозирда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети), 1998 йили Тошкент молия институтини тамомлаган.

“Namangan24.uz” сайти Ўзбекистон халқ демократик партиясига раис этиб сайланган Улуғбек Илёсович Иноятовга янги лавозимдаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->