Муҳаммадзокир Жўрабоевич Маматхонов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 16 июлдаги 165-к сонли буйруғи билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Муҳаммадзокир Маматхонов 1974 йилда Поп туманида туғилган. Маълумоти олий, 2006 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институтини), 2012 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. Мутахассислиги: молия, бизнес бошқаруви магистри.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда Поп тумани улгуржи савдо базаси экспедиторлигидан бошлаган. У 1994-2004 йилларда тумандаги “Анвар” фирмаси ҳисобчиси, Поп тумани давлат солиқ инспекцияси катта инспектори, Чуст тумани давлат солиқ инспекцияси бош инспектори, 2005-2008 йилларда вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим инспектори ва шўъба бошлиғи, 2008-2009 йилларда Поп тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2009-2013 йилларда Норин тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2013-2014 йилларда вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти мудири, 2014-2016 йилларда Уйчи тумани ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Уйчи тумани ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, 2016-2018 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими лавозимларида ишлаган.

Муҳаммадзокир Маматхонов 2018 йилдан ҳозирги вақтга қадар Наманган вилояти Бандлик бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётганди.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи этиб тайинланган Муҳаммадзокир Жўрабоевич Маматхоновга масъулиятли вазифада олиб борадиган хайрли ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->