Раҳмонжон Анварович Расулов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 23 июлдаги буйруғи билан Наманган вилояти бандлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У янги лавозимда яқинда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи этиб тайинланган Муҳаммадзокир Жўрабоевич Маматхоновнинг ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Раҳмонжон Расулов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1998 йилда Наманган саноат-технология институти, 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Меҳнат фаолиятини 1992 йилда Наманган туманидаги ишлаб чиқариш ва савдо тажриба корхонасида бошлаган. 1994 - 2019 йилларда Наманган туманидаги “Чинор-Н” савдо ишлаб чиқариш ҳиссадорлик жамияти раиси ўринбосари, туман матлубот улгуржи чакана савдо ҳиссадорлик жамияти бошқаруви раиси, Наманган тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими бош мутахассиси, Наманган тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Наманган тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

У 2019 йилдан ҳозирги вақтгача Наманган вилояти ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаб келаётганди.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Наманган вилояти бандлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Раҳмонжон Анварович Расуловга масъулиятли вазифада олиб борадиган хайрли ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© Namangan24.uz

--> -->