Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев фермер хўжаликлари раҳбарларини кузги-қишки агротехник тадбирлар йиғилиши чоғида ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани учун Наманган вилояти маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Суд Нуршод Худойбердиевга давлат фойдасига ундириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баробари, яъни 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинлади.

Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

(Суратда: Мингбулоқнинг сўконғич ҳокими Нуршод Худойбердиев)

Мингбулоқ тумани ҳокими шу йил 10 январь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида берган кўрсатмасида ўз айбига иқрорлигини билдириб, ҳақоратли сўзлар умумий маънода иш самарадорлигини ошириш учун билдирилгани, ушбу ножўя ҳаракатлари 2020 йил 3 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида ўтказилган вилоят ҳокими иштирокидаги йиғилишда муҳокама этилиб, унга жиддий огоҳлантириш берилгани, келгуси иш фаолиятида муомала маданиятига қатъий риоя қилишини баён қилди.

Суд Нуршод Худойбердиевга жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлигини ва қилмишидан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, қилмишини оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатининг хусусиятини ап жазони енгиллаштирувчи ҳолатларини ҳисобга олиб, унга нисбатан қонун санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинлашни лозим топди.

© namangan24.uz

--> -->