Қурбон Ҳайити байрами арафасида вилоятимизда масжидлар сони яна биттага кўпайди. Наманган шаҳридаги “Янги ҳаёт” даҳаси ҳудудида барпо этилган “Муҳаммад ал-Амин” жоме масжиди тантанали равишда мусулмонлар ихтиёрига тортиқ қилинди.

Шу муносабат билан ўтказилган байрам маросимида маҳалла нуронийлари ва фаоллари, ҳокимлик мутасаддилари, масжидларнинг имом-хатиблари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Қуръони карим тиловати билан бошланган маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай қори Турсунов, Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдиновлар кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани тамаддунига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялашнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, сўнгги йилларда юртимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Юрт ободлиги, халқнинг юксак маданияти белгиларидан бири илм-маърифат ва ибодат масканларининг ободлигидир. Масжидларнинг кўркамлиги халқимиз маънавияти ва эстетик дидини ҳам кўрсатиб туради. Юртимиздаги масжидларнинг бугунги чиройи замирида жуда катта маъно мужассам. Шу нуқтаи назардан Наманганда янги очилган “Муҳаммад ал-Амин” жоме масжиди эса маърифат истаган кишиларга хурсандчилик, дилларга сурур бағишлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги матбуот хизмати

© namangan24.uz

--> -->