2019 йилнинг 8 август, пайшанба куни кечқурун “Озодлик” радиосининг ижтимоий тармоқдаги “BUGUNUZ” телеграмм каналида Наманган шаҳридаги “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Ҳурматхон ая” қабристони билан боғлиқ “Қабристон ҳудуди торайгани боис 300 киши норозилик намойишига чиқди” номли видео-хабар эълон қилинди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан ўз РАДДИЯсини билдиради:

“РАДДИЯ: Хабарда келтирилган иддаолар асоссиз! Ўтганлар руҳига эҳтиром боқий.

Шу муносабат билан, туманлар ҳудудида мавжуд қабристонлар Наманган шаҳар ҳокимининг 2016 йил 18 августдаги 627-сонли қарорига асосан шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси балансига олинган вақтда “Хурматхон ая” қабристон умумий майдони 1,1 гектарни ташкил этган.

“Озодлик”нинг маҳалла вакилларининг фикрларидан келтирилган хабарида қабристон учун Наманган туманидаги “Ижодкор” агрофирмасининг йиғилиш баёнига асосан 1994 йил 6 мартда 8,5 гектар ажратилганлиги, ҳозирда мозор майдони 2,5 гектардангина иборат бўлиб қолганлиги кўрсатилган.

Аслида, Наманган тумани ҳокимининг 2007 йил июль ойидаги 401-сонли қарорига асосан собиқ Наманган тумани 3-Ирвадон (ҳозирги Наманган шаҳар “Гулобод”)  маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ҳурматхон ая” қабристони ҳудуди 0,5 гектар майдонга эга эканлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Наманган, Уйчи, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон Косонсой ва Чортоқ туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 179-сонли қарорига асосан, ушбу ҳудуд Наманган шаҳар ҳудудига ўтказилган.

Наманган шаҳар ҳокимининг 2018 йил 10 августдаги “Шаҳар ҳудудидаги айрим қабристонларни ер майдонини расмийлаштириш ва мавжуд бино-иншоотларга нисбатан эгалик ҳуқуқи белгилаш ҳақида”ги 1157-сонли қарори иловаси ҳамда Наманган вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг 2018 йил 29 августдаги 2594-сонли кадастр йиғма жилдига мувофиқ, дастлаб 0,5 гектар майдонга эга бўлган қабристон ҳудуди кенгайтирилиб, 2,5 гектар этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси”нинг 7-моддаси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 10 ва 25-моддаларига асосан ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида, шу жумладан ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш шаҳарлар давлат ҳокимияти  органларининг ваколатларига киради.
Бундан кўринадики, агрофирманинг йиғилиш баёни ҳуқуқий кучга эга эмас. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуний ҳисобланади. “2017 йилдан буён қабристонга ажратилган ернинг қолган 6 гектарига иссиқхоналар, товуқхоналар ва маъмурий бинолар” аслида қабристон ҳудудида эмас, балки қабристоннинг девор билан ўралган жойидан ташқарида бўлган бошқа ҳудуддан тадбиркорлик субъектларига берилган.
Наманган шаҳар ҳокимлигига қабристон атрофини кенгайтириш бўйича “Элобод”, “Гулобод” ва “Ирвадон” маҳаллаларидан бирор бир расмий мурожаат бўлмаганлигини маълум қиламиз.
Наманган шаҳар ҳокимлиги 2010 йил 27 декабрда тасдиқланган “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига тўлақонли риоя этади. Ўтганлар руҳини шод этиш, марҳумларга эҳтиром кўрсатиш сингари миллий қадриятларимизга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлади.
Биз оммавий ахборот воситалари билан шаффоф ва холислик асосида ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз.”

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->