Она ватанимизга садоқат билан хизмат қилиб келаётган фидойи раҳбарлардан саналган Наманган вилоятининг Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Турсунович Юсупов табаррук 60 ёшга тўлди.

Баҳодир Юсупов 1961 йил 16 август куни Учқўрғон туманида таваллуд топган. 1982 йили Тошкент политехника институтини тамомлаган. 1997 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Қарийб қирқ йиллик иш тажрибасига эга бўлган Баҳодир Турсунович халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали иш олиб борди. Шунингдек, у 2004-2009 йилларда Чуст тумани ҳокими, 2010-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокими, 2016-2017 йилларда Косонсой тумани ҳокими, 2017-2018 йилларда Республика фермерлар Кенгаши раиси, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган.

2019 йилдан ҳозирга қадар Косонсой тумани ҳокими сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2020 йил 14 январ куни халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши томонидан туман ҳокими сифатида қайта тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, Баҳодир Турсуновичнинг саъй-ҳаракатлари билан Косонсой тумани қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркам ва мафтункорлик касб этмоқда. Айниқса, туман маркази "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида кўрганда ҳавасни келтирадиган масканга айланди.

Баҳодир Юсупов халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи йўлидаги камтарона ва фидокорона меҳнатлари учун Президент фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Бугун қутлуғ 60 ёшини қарши олаётган Баҳодир Турсуновични шонли юбилейи билан чин қалбдан табриклаб, Яратгандан узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, оилавий шодумонлик, фарзанду набираларининг орзу ҳавасини, бахту иқболини кўриб юришини тилаймиз!

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси.

н

--> -->