Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг шахсий таркиб бўйича буйруғи билан бир қатор лавозим тайинловлари амалга оширилди.

Хусусан, подполковник Ойбек Аълохонович Хўжақулов Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари - жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ойбек Аълохонович Хўжақулов 1978 йил 25 июль куни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2000 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтини (ҳозирги Наманган муҳандислик-қурилиш институти), 2008 йили эса Ички ишлар Академиясини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-технолог ва юрист.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда Учқўрғон тумани ички ишлар бўлимида ҳудудлараро профилактика инспектори вазифасидан бошлаган.

2003-2020 йиллардаги меҳнат фаолияти давомида Наманган вилоятидаги ички ишлар органларида профилактика инспектори, кадрлар бўйича инспектор, терговчи, ахборот маркази бошлиғи каби масъул ва раҳбарлик лавозимларда фаолият юритган.

Ойбек Хўжақулов янги тайинловга қадар, яъни 2020 йил февраль ойидан буён Наманган вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Оқилхон Дадабоев,

“Namangan24.uz” сайти раҳбари.

--> -->