Бекзод Муҳаммадюсупович Матмусаев Наманган вилояти ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланди. У вилоят ҳокимининг 2019 йил 12 сентябрдаги 611-сонли қарорига асосан мазкур вазифада иш бошлади.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу янги лавозим вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги ПҚ-4426-сонли қарорига биноан жорий этилди.

Ҳудудда маҳаллийлаштириладиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларнинг энг кўп талаб қилинадиган турларини ўзлаштириш бўйича хорижий шерикларни саноат кооперациясига кенг жалб этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш, ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурлари лойиҳаларини шакллантириш каби масалалар ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Маълумот ўрнида, Бекзод Муҳаммадюсупович Матмусаев 1988 йили Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институти) менежмент йўналиши бўйича тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2010 йилда Наманган вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида бошлаган. Ушбу бошқармада турли лавозимларда фаолият олиб борган. Янги тайинловга қадар эса Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган вилояти ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланган Бекзод Муҳаммадюсупович Матмусаев янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->