Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи билан полковник Бунёджон Соҳибназарович Эгамназаров Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг навбатдаги йиғилишида Бунёджон Эгамназаров тизимнинг Наманган вилоятидаги раҳбари сифатида таништирилди. У мазкур лавозимда ишлаб келган полковник Ботир Муқимович Ашуровнинг ўрнини эгаллади. Собиқ раҳбар эндиликда янги тайинланган бошқарма бошлиғига биринчи ўринбосар сифатида фаолият юритади.

Маълумот ўрнида, полковник Бунёджон Соҳибназарович Эгамназаров 1981 йил 9 февралда Наманган вилояти Поп туманида туғилган. Маълумоти олий, 2002 йили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий техника мактабини, 2018 йили эса Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг қайта тайёрлов курсини тамомлаган.

Ички ишлар вазирлиги тизимидаги идораларда турли масъул вазифаларда иш олиб борган Бунёджон Эгамназаров 2019 йил июнь ойидан ҳозирга қадар Наманган вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармасига раҳбарлик қилиб келмоқда эди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Бунёджон Соҳибназарович Эгамназаровга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->