Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган нақл бежиз айтилмаган. Наманган шаҳрида ноқонуний равишда омборхонадан кўмир олиб чиқиб кетаётган кимсалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари томонидан қўлга олинди.

Бу ҳақида республика Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шу йил 11 июнь куни соат 20:00ларда вилоят ИИБ транспортда ХТБ ХПГ ходимлари олиб борган тезкор тадбир давомида Наманган шаҳри Юқори Ровустон маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган Х.  Д. Наманган кўмир тарқатиш омборидан уч дона оқ рангли полиэтилен қопларга солинган 95 кг. кўмир маҳсулотларини ҳеч кимдан сўрамасдан жуфтакни ростлаётган кезида ушланган.

Шунингдек, шу кунги тезкор тадбирда соат 20:20ларда Наманган шаҳри Қуйи Ровустон маҳалласида истиқомат қилувчи, 1982 йилда туғилган Х. И. Наманган кўмир тарқатиш омборидан уч дона кул рангли полиэтилен қопларга солинган 77 кг. кўмир маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб кетаётган вақтида аниқланиб, қўлга олинган.

Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза этиш идораси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

© namangan24.uz

--> -->