Азизбек Абдуғаниевич Абдувалиев Наманган шаҳар ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари этиб тайинланди. У куни кеча бўлиб ўтган шаҳар ҳокимлигининг “ҳокимлик соати” йиғилишида расман таништирилган.

Маълумот ўрнида, Азизбек Абдувалиев 1972 йил 5 апрелда Наманган шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1994 йилда Тошкент давлат университетини, 2001 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги журналист, сиёсатшунос. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг аъзоси. Оилали, 5 нафар фарзанди бор.

Азизбек Абдуғаниевич меҳнат фаолияти давомида “Оила ва жамият” республика газетаси, Наманган шаҳар ҳокимлигининг “Наманган садоси” газетаси, “Ташаббус” телевидениеси, “Суҳбатдош” газетаси, “Сабо” газетаси, “Меҳнат муҳофазаси” журнали, “Даракчи” газетаси таҳририятларида, Наманган муҳандислик-педагогика институти, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ибрат номли вилоят босмахонасида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.

У ҳозирги вақтга қадар Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ҳамда “Daryo.uz” сайтининг Наманган вилояти бўйича мухбири сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Қайд этиш жоиз, Азизбек Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросидан келиб чиққан ҳолда Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари бўлибгина қолмай, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳоким ўринбосари даражасига тенглаштирилади.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси шаҳар ҳокимининг 2019 йил 4 сентябрдаги фармойишига биноан Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – ҳокимнинг матбуот котиби этиб тайинланган Азизбек Абдуғаниевич Абдувалиевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->