Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт", дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бутун мамлакатда том маънода коррупцияга қарши уруш эълон қилинди, шу сабабли лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатларнинг содир этилишига қарши курашда барчанинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда.

Шу маънода, касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўяётган учинчи босқич ўқувчилари онг-у тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, уларнинг бу иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу қатламдаги ёшлар коллежни битиргандан кейин муайян давлат ва жамоат ташкилотларида, меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатиши, ўз ҳаёти давомида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келиши, бу иллатнинг қурбонига ёки унинг ижрочисига айланиши хавфи бор.

Шу сабабли касб-ҳунар таълими тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида алоҳида тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва шу асосда бир қатор ижобий ишлар ва ташаббуслар амалга ошириб келинмоқда.

Наманган вилоятидаги брача касб-ҳунар коллежларида битирувчи ўқувчилар ўртасида "Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!" шиори остида "Коррупция - адолат кушандаси" мавзусида Республика иншолар танлови ўтказилмоқда.

Танловни ўтказишдан асосий мақсад - ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ёшларимизни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги мавжуд коррупциядан огоҳлантириш, коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун жазо муқаррар эканлигини чуқур англатишдан иборат.

Танловда ёшларимизнинг мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, барчанинг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, халқимизнинг соғлом турмуш тарзига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш борасида ўз шахсий фикрларини ижодий баён этиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур танловда вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг 33845 нафар битирувчи ўқувчиси фаол қатнашмоқда. Танлов доирасида ўқувчи-ёшларнинг коррупцияга қарши кураш мазмунидаги "Энг яхши плакат", "Энг яхши сурат" номинациялари бўйича тайёрлаган ижодий ишлари ҳам намойиш этилди.

Иншолар танлови ғолиблари Республика Касб-ҳунар таълими Маркази ва ҳудудий бошқармалар, шунингдек, ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланади.

Ботирали Пирматов.

Машрабжон Қосимов олган сурат.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->