Акрамжон Усмонович Сатторов Наманган вилояти ҳокимининг 2020 йил 12 февралдаги 86-сонли қарори билан вилоят ҳокимлигининг нашри – “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири лавозимига тайинланди. У мазкур лавозимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари этиб тайинланган Маҳмуджон Маматович Парпиевнинг ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Акрамжон Усмонович Сатторов 1966 йил 9 ноябрь куни Наманган туманида туғилган. Маълумоти олий, 1993 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – филолог. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзоси. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Акрамжон Сатторов меҳнат фаолиятини 1984 йилда Наманган “Облкооптранс”га қарашли Чортоқ автокорхонасида ишчиликдан бошлаган. У меҳнат фаолияти давомида Наманган шаҳар ижроия комитети маданият бўлими, Наманган вилояти халқ таълими бошқармасининг “Мураббий” газетаси, Наманган вилояти “Облкоопзаготторг” бирлашмаси, Наманган вилояти савдо ходимлари касаба уюшмалари қўмитаси, “Наманган ҳақиқати” газетаси, Наманган вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорларининг “Диёнат” ва “Ҳуқуқ оламида” газеталари, Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказининг  Наманган вилояти бўлимида турли масъул вазифаларда иш олиб борган. 2008 йилдан бошлаб у Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Наманган вилоятидаги мухбири сифатида ижод қилмоқда.

Акрамжон Сатторов 2012 йил 20 февралдан ҳозирги кунга қадар вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётганди. Газетанинг бугунги - 2020 йил 15 февралдаги 13-сони илк бор унинг бош муҳаррирлиги имзоси остида чоп этилди.

Акрамжон Сатторов камтарона ва фидойи меҳнатлари натижасида Президент Фармонига асосан 2011 йили “Ўзбекистон  мустақиллигига 20  йил” эсдалик нишони, 2019 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

“Namangan24.uz” сайти вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири лавозимига тайинланган Акрамжон Усмонович Сатторовга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->