Наманган шаҳри бўйлаб “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган “Шараф лентаси” улашиш акцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан “Аждодларни қадрлаш - муқаддас қадрият” шиори остида ташкил этилган тадбирда ёшу кексалар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Кўча бўйлаб сайрга чиққан юртдошларимиз, туристлар кўксига Ўзбекистон давлат байроғи тасвири туширилган, Ватан ҳимоячиларининг шарафли қаҳрамонликларини ўзида ифодалаган ленталар тақиб қўйилди. Бундай тадбирлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган аждодларимизнинг жасорати, ёрқин хотираси унутилмас эканини яна бир бор ёдга солади. Қолаверса, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига ҳурматимизни янада кучайтиради. Бу ўз навбатида ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат, мардлик туйғуларини юксалтириши билан янада аҳамиятлидир.

- “Шараф лентаси”ни кўксимга тақар эканман, тинчлик учун, бугунги фаровон кунлар учун курашган аждодларимизга нисбатан яна бир бор фахру ифтихорни ҳис этдим, - дейди Наманган муҳандислик-технология институти талабаси, ёшлар иттифоқи стипендияси соҳиби Маъмуржон Эргашев. - Бу йўлда заҳмат чекканларнинг меҳнати улуғ, жонини фидо этганларнинг хотираси азиздир.

#SharafLentasi, #RibbonHonor, #ЛентаСлавы хештэглари остида ўтказилган шараф лентаси акцияси давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Cуратларни Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши матбуот хизмати тақдим этди.

--> -->