Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими ва маъмурий суд ҳамкорлигида сайёр суд ташкил этилди. Унда вояга етмаган фарзандлари учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.

Фарход Камолиддинов Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Собиқ турмуш ўртоғи билан ажрашгани боис, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2017 йил 16 ноябрь кунидаги буйруғи билан ундирувчи Жамила Мамажанова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати МИБ Наманган шаҳар бўлими иш юритувига олинган бўлиб, қарздорга алиментдан вақтида тўлаб бориш бўйича тушунтириш берилган. Бироқ, бу масъулиятга панжа орасидан қараган Ф. Камоллидинов берилган огоҳлантиришга қарамай алимент тўлашни пайсалга солиб келади ва қарздорлик 4 миллион 500 минг сўмга бориб етади. Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, мазкур ижро ҳужжати мазмунан кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборилди. Бугун ўтказилган суд мажлисида фуқаро Ф. Камоллидиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавбогарлик тўғрисидаги кодексининг 471-моддаси билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Наманган шаҳрининг Алпомиш маҳалласида истиқомат қилувчи Тоҳир Боймирзаев ҳам масъулиятини унутиб қўйган оталардан бири бўлиб чиқди. Бўлмаса, у уч нафар вояга етмаган фарзанди учун моддий таъминотни ўз вақтида тўлаб борар эди. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2012 йил 3 сентябрдаги қарорига кўра, ҳар ойда топган барча даромадидан белгиланган миқдорда алимент тўлаши лозим эди. Аммо, давлат ижрочисининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай бу бераҳм ота ҳам совуққонлик билан қараб, қарздорлиги анчайин ортиб кетди. Суд давомида унга ҳам 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Умуман, шу куни 10 нафардан зиёд масъулиятини эсидан чиқарган оталарга нисбатан маъмурий суднинг қарори билан турли муддатларга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ўйлаймизки, бундан ўз бурчини ёдидан чиқарган оталар ўзларига тегишли хулоса қилишади, деган умиддамиз. Зеро, ўз фарзанди келажаги учун бефарқ бўлишмаса керак!

                                                           МИБ Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->