Наманган шаҳар ҳокимлигида “Марғилон кўчасидаги йўллар носозлиги ва бу муаммони бартараф этиш бўйича режалар” мавзусида брифинг ўтказилди.

Шу йил 6 март куни “Kun.uz” сайтида “Наманган шаҳридаги абгор йўл: ҳайдовчилар асабидан, машиналар баллонидан айрилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Наманган шаҳрининг Марғилон кўчаси йўли ачинарли ҳолатда эканлиги,  серқатнов йўлнинг бир неча йиллардан бери носозлиги аҳоли ва ҳайдовчилар учун ноқулайликлар туғдираётгани, пиёдалар ўтиш жойи чизиқлари ҳам ўчиб кетгани, бу эса фуқаролар, хусусан, ўқувчилар учун хавф туғдираётгани билдирилган.

Шаҳар ҳокимлигида ушбу мавзуга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Азизбек Абдувалиев олиб борган тадбирда журналистлар, депутатлар, йўлсозлар, Транспорт ва  Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутасаддилари, ҳудудда жойлашган маҳаллалар раислари иштирок этди.

Брифингда шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жобирхон Абдуллаев мазкур ҳолат юзасидан чиқиши тингланди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2019 йиллар даврида Наманган шаҳрининг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Наманган шаҳрининг Уйчи, Ҳамроҳ, Ғалаба, Марғилон ва Қўқон кўчаларида кенг кўламда ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Ушбу дастурга асосан, Марғилон кўчасида ичимлик суви, канализация, табиий газ, электр, алоқа тармоқлари тортиш, сифатини яхшилаш ва йўлларни реконструкция қилиш режалаштирилган.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган шаҳар бош режасига асосан Марғилон кўчасида йўлнинг икки четидаги аҳоли хонадонларини шаҳарнинг бошка ҳудудига кўчирган ҳолда, йўлнинг кенгайтириш ва жами 82 та объектлар қурилиши белгиланган.

Кўп қаватли, савдо марказларини ўз ичига олган турар-жой бинолари, болалар ўйин майдонлари ва катталар учун дам олиш майдонлари, очиқ ва кўп қаватли автотураргоҳлар, 4 юлдузли меҳмонхона, маҳалла гузарлари, 1200 ўринли мактаб, 385 ва 120 ўринли болалар боғчаси, спорт ва дам олиш майдонлари, хиёбон ва маиший хизмат шохобчалари қуриш шулар жумласидан.

Ўтган йилларда Марғилон кўчасида кўчирилиши режалаштирилган хонадонларни бузиш ишларини амалга ошириш имкони бўлмаганлиги сабабли, келгусида Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан ушбу кўчада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич бажарилиб, йўлнинг икки четида режалаштирилган объектлар қурилиши жараёнида коммуникация тармоқлари тортиш, ушбу ишлар якунида ушбу кўчада 3,47 километр масофада йўлни капитал таъмирлаш режалаштирилган.

2019 йилда Марғилон кўчасида диаметри 500 мм бўлган 2268 метр масофада магистрал ичимлик сув тармоғи тортилди. 611,0 млн.сўм эвазига 6885 м2 асфальт ётқизилиб, маълум қисмлари жорий таъмирланди. Жорий таъмирлаш режасига асосан, яна 646,7 млн.сўмлик 5531 м2 йўлда асфальтлаш ишлари бажарилиши лозим. Ушбу ишларни 2020 йил биринчи чорак охирига қадар якунлаш чоралари кўрилади.

Ушбу кўчада кенг кўламдаги ободонлаштириш ва қайта қуриш ишларини амалга ошириш ишлари якунлангандан сўнг, автомобил йўли тўлиқ реконструкция қилинади.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари ушбу ҳудуддан сайланган депутат Зокиржон Хўжаев, журналист ва блогерлар Элмурод Эрматов (“Kun.uz” сайти), Оқилхон Дадабоев ("Наманган ҳақиқати" газетаси ва “Namangan24.uz” сайти), Умида Қўшоқова (“Севимли” телеканали), Илҳомжон Қосимов (“Орзу ва ҳаёт” лойиҳаси) ва Икромжон Орифжоновнинг (“Куч - адолатда” газетаси) савол ва сўровларига батафсил жавоб берди.

Қайд этиш жоизки, кун тартибидаги долзарб мавзулар юзасидан бундай шаклдаги брифинглар шаҳар ҳокимлиги  ахборот хизмати томонидан мунтазам ўтказиб борилиши режалаштирилган.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->