Маъмурий қамоқ жазоси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 9 январдаги “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунининг 3 ва 5-моддаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган махсус қабулхона — ички ишлар органлари тизимига кирадиган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассаса томонидан ўталади.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарда сақланади ва ушбу қонун талабларига риоя этилган ҳолда умумий камераларга ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни жойлаштириш чоғида эркакларнинг аёллардан алоҳида жойлаштирилиши таъминланиши шарт.

Қуйидагилар маъмурий қамоққа олинган бошқа шахслардан алоҳида жойлаштирилади:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

юқумли касалликларга чалинган беморлар ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган шахслар;

собиқ судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимлари, собиқ адвокатлар;

ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда айрим шахслар.

Мазкур қонуннинг 16-моддасига кўра маъмурий қамоққа олинган шахсларга адвокат, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашувлар берилади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга юридик ёрдам олиши учун адвокат билан учрашувлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, сони ва давомийлиги чекланмаган ҳолда берилади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга маъмурий қамоқни ўташ даврида бир марта қариндошлари ёки бошқа шахслар билан давомийлиги бир соатгача бўлган учрашув берилади. Айрим ҳолларда, маъмурий қамоққа олинган шахсларга махсус қабулхона маъмуриятининг рухсати билан давомийлиги бир соатгача бўлган қўшимча учрашув берилиши мумкин.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар билан учрашувлар қуйидагиларга берилади:

адвокатга — у ордерни ва адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганда;

қариндошга ёки бошқа шахсга — ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатганда.

Маъмурий қамоққа олинган шахснинг аризасига кўра, учинчи шахслар эшитиши мумкин бўлган доирадан ташқарида ва эшитишнинг техник воситаларини қўлламасдан адвокат билан холи учрашишга махсус қабулхона ходимлари томонидан четдан кўз билан кўриб туриб назоратни амалга ошириш имконияти бўлиши шарти билан рухсат берилади.

Қариндошлар ёки бошқа шахслар билан учрашувлар махсус қабулхона ходимларининг назорати остида амалга оширилади ҳамда ички тартиб қоидаларига кўра сақлаш ҳамда фойдаланиш тақиқланган ҳужжатларни, пул маблағларини, қимматбаҳо буюмларни, нарсаларни ва бошқа ашёларни маъмурий қамоққа олинган шахсга топширишга уриниш бўлган тақдирда муддатидан илгари тўхтатиб қўйилади.

Адвокатларга, қариндошларга ёки бошқа шахсларга учрашувлар берилганда уларнинг ёнида алоқа воситалари, шахсий компьютер, фотоаппаратлар, видеокамералар ва овоз ёзиш қурилмалари бўлиши тақиқланади.

Ахаджон Жалолов,

Чуст тумани маъмурий судинингсудья ёрдамчиси.

Муслимбек Ёқуббоев,

Чуст тумани маъмурий судининг архивариуси.

                                                                             © namangan24.uz

--> -->