Тинчлик, тотувлик бебаҳо неъмат. Осойишталикни асраш ўз қўлимизда. Мамлакат, миллат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ғаразли омиллар, кучлар, илондек бош кўтариши мумкин бўлган маразларга қарши қонун бор. Уларни тўхтатиб қолувчи, зараркунандага айланганларини “янчиб ташловчи”, тузалиши мумкин бўлганларига “малҳам” қўювчи идоралар фаол.

Ўтган ўн йилларга солиштирилганда ҳозирда одамларнинг онги, дунёқараши бир неча ўн баробар ўсган, шаклланган. Кишилар нима иш қилаётганликларини, қўл урган ишлари оқибатини аввалдан теран англайдилар. Лекин, орамизда бир ҳовуч кимсалар борки, уларни худди ёш боладек назорат қилиб турмоқ керак. Ахир бола токи нишини санчмагунча чаён билан ҳам ўйнашиши мумкин-да.

Мафтуна Сиддиқова яшаш уйида тегишли рухсатномасиз аёлларга диний таълимотдан сабоқ бериб келган. Текширувда унинг уйидан ўнга яқин диний мазмундаги китоблар олинди. Бу китобларнинг барчасига давлат нашриётлари томонидан тартиб берилгани, ноқонуний эмаслиги аён бўлди. Лекин, яна айтамиз: ҳамма гап М. Сиддиқованинг қалтис қилмишида.

У судда, мен тегишли рухсатномасиз диний таълимотдан сабоқ бериб бўлмаслигини билмасдим, - дея айбини хас-пўшлашга уринди. Аммо...

Унга маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Агар, - дея кўрастиб ўтилди суд қарорида, - М. Сиддиқова яна – такроран шундай йўл тутадиган бўлса, кейинги гал у жиноий жавобгарликка тортилади...

Баҳодир Абдуллаев,

Косонсой тумани маъмурий судининг раиси. 

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->