Баҳс-мунозара, фикрлар тўқнашуви ижтимоий онгни шакллантириб, тараққиётга хизмат қилади. Ҳар қандай эзгу ғоялар бевосита мулоқот орқали сайқалланади ва ривож топади. Айниқса, назариётчилар билан амалиётчилар ўртасидаги “дебат” муаммоларнинг ечим топишига замин ҳозирлайди.

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари иштирокида ташкил этилган семинар-тренинг чинакам баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Унда мамлакатимиз солиқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, соҳани янада такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар хусусида фикр алмашилди.

Эътиборлиси, семинар-тренингда назорат касса машиналари ва тўлов терминалларини ишлатиш афзаллиги ҳақида маълумот берилди. Қолаверса, ҳарид чеки сифатсиз маҳсулотни қайтариш учун “ташриф қоғози” эканлиги мисоллар орқали тушунтирилди, дея хабар беради “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

- Бугунги учрашувда ҳар куни ҳаридор сифатида дуч келишимиз, лекин аҳамият бермайдиган назорат касса машинаси чекининг афзаллиги ҳақидаги мутахассислар фикри шахсан мени мушоҳадага чорлади, - дейди институт масъул ходими Жаҳонгир Нодиров. – Ўйлаб кўрсак, институтимиздаги тўрт мингга яқин талабанинг ҳар бири бир ойда овқатланиш, ўқув қуроллари ва шунга ўхшаш ҳаражатлар учун 500 минг сўм сарфласа ва хариди учун чек олса, ўрта ҳисобда 100 миллион сўм бюджетга келиб тушар экан. Энг муҳими, назорат касса машинаси чекини олиш билан биз, ойлик маош, пенсия, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида етказилишига катта ҳисса қўшган бўлар эканмиз. 

Семинар-тренингда талабаларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

© namangan24.uz

--> -->