Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан одам савдосига қарши курашиш борасида қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилояти Хўжаобод туманида жойлашган “Дўстлик” халқаро назорат ўтказиш масканида Наманган шаҳрида яшовчи аёл Н. Н. ўзининг икки нафар танишини Туркия давлатига фоҳишалик қилиш мақсадида олиб кетаётган вақтида ушланди.

Аниқланишича, 1987 йилда туғилган Н. Н. шу йилнинг март ойида Туркия давлатидан доимий яшаш манзилига қайтиб келгач, 1990 ва 1993 йилларда туғилган икки таниш аёлни Истанбул шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиб, мўмай пул топишга қизиқтиради, дейилади ЎзА хабарида.

Сўнгра Туркияга Қирғизистон орқали кетишларини айтиб, уларга ўз ҳисобидан Бишкек-Истанбул авиарейсига чипталар харид қилади, шунингдек, виза ҳамда чет элга чиқиш паспортлари учун тўловларни ҳам амалга оширади.

Бу билан уларни ўзига моддий жиҳатдан қарам қилиб, манзилга етиб борганларидан кейин бир ой давомида фоҳишалик қилиш орқали сарфланган йўл харажатларини қоплашларини ҳамда ҳар ойда ишлаб топган пулларининг 30 фоизини беришларини талаб қилади.

Таъкидлаш лозимки, Н. Н. Туркияда бўлган даврида Ўзбекистондан олиб борилган аёлларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаб келган.

Ҳозирда Н. Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

© namangan24.uz

--> -->