Жамиятимизда аёлларнинг тутган ўрни жуда ҳам баланд. Қайси бир соҳани олиб қараманг унда азиз опажону сингилжонларимиз, мўътабар оналаримиз шу муқаддас заминнинг янада ривож топиши учун сидқидилдан меҳнат қилаётганини кўрасиз. Қолаверса, у оилада севимли турмуш ўртоғи, фарзандларининг меҳрибон онаси ҳам. Аммо...

Минг афсуски, улар орасида жиноий ҳатти-ҳаракатлар билан бойишни ният қилганлар ҳам учраб турибди. О.К. шундайлардан бири. 1984 йилда туғилган, оилали, бир нафар фарзанднинг онаси бўлган бу шахс олдин ҳам бир неча марта жиноят содир этиб, суд ҳукми билан жазога тортилган бўлса-да, яна қинғир ишга қўл урди.

Яъни, у хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, 2019 йилнинг 21 сентябрь куни соат 15 лар чамасида Наманган шаҳридаги “Чорсу деҳқон бозори”га бориб, фуқаро Ж.Н.нинг харид ишлари билан бандлигидан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Ж.Н.нинг эндигина 3 ёшга тўлган қизи Олиманинг қулоғида бўлган умумий қиймати 500 минг сўмлик зиракларни ечиб олиб, уни пуллашни мақсад қилди.

Жиноятчи аёл қизалоқ ҳали кичкиналигидан, ўз ҳатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан фойдаланиб, зиракнинг бир пойини яширин равишда талон-тарож қилаётган ҳам эдики содир этилаётган жиноятни кўриб қолган огоҳ фуқаролар унинг ноқонуний ҳаркатларига барҳам беришди.

“Наманган ҳақиқати” газетасининг телеграм каналида хабар берилишича, мазкур жиноят иши юзасидан ўтказилган тергов-суриштирув ишлари натижасида О.К.нинг жинояти тўлиқ тасдиғини топди. Айбланувчи содир этган жиноятига тўлиқ иқрор бўлди ҳам.

Суд ҳукм ўқиди ва энди О.К. ўз қилмиши оқибатлари, келгуси ҳаёти тўғрисида чуқурроқ фикр юритишга энди унинг вақти етарли.

Санжарбек Зулпаров,

Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси

4-сонли ИИБ тергов бўлими терговчиси, лейтенант.

© namangan24.uz

--> -->