Хабарингиз бор, 2018 йил 27 октябрда Наманган шаҳрининг “Гўзал” даҳасида жойлашган “Барлос” кафеси яқинида мудҳиш қотиллик жинояти содир этилганди.

Яъни, шу куни маҳаллий “разборшик” сифатида танилган 24 ёшли Н. К. қаҳвахонада икки йигит билан можарога боради ва ташқарига чиққанда улардан бирининг юрагига пичоқ уради. Бунинг оқибатида “Оромгоҳ” даҳасида яшаб келган 21 ёшли Ж. Ж воқеа жойида ҳалок бўлади. Унинг шериги эса қорнидан яраланади.

Қотил қўлга олинган ва мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси (“қасддан қотиллик”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Суд жараёнида Н.К. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди, 25, 97-моддаси 2-қисми “а, л” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Яқинда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида вилоят суд раислари ўтказган брифингда айни шу ҳолат юзасидан изоҳ бериб ўтилди. “Namangan24.uz” сайти мухбирининг “Барлос”даги мудҳиш жиноят юзасидан муносабат билдириш юзасидан берган саволига жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди раиси Давлатмирза Комилов қуйидигача жавоб берди:

“ –25 ёшли йигитнинг жирканч жиноятга қўл ургани жамоатчиликни жиддий ташвишга соладиган ҳолат. “Барлос”да қотиллик қилган бу шахс ҳозиргача муқаддам 6 бор судланганлиги, жиноятларнинг деярли барчаси безорилик, оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ эканлиги ғоят ачинарли ҳолат. У спиртли ичимлик дўконида тортишиб, бир кишини ўлдирди ва иккинчисига нисбатан суиқасд содир этса-ю бунга маҳалла-кўй, профилактика инспектори, жамоатчилик бефарқ қараса? Таълим-тарбия борасида ҳали қиладиган ишларимиз, вазифаларимиз анча. Одамларни лоқайдликдан олиб чиқишимиз керак. Ёш авлодни китоб мутолаасига, газета ўқишга қизиқтира олишимиз лозим.”

Маълумот ўрнида, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар судлари томонидан шу йилнинг биринчи чорагида мобайнида 677 нафар шахсга нисбатан 530 та жиноят иши кўриб тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 272 тага, шахслар сони эса 419 нафарга камайган. Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 233 таси ёки 44 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган. Судларнинг инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида 8 нафар шахс оқланган. 36 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган. Бундан ташқари маҳалла, хотин қизлар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 26 та жиноят иши бўйича 32 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->