Президентимизнинг 2020 йил 14 июлдаги ПФ-6026-сонли фармони билан Акмал Эшондадаевич Бурхонов Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори лавозимига тайинланди. Фармонни Олий Мажлис Сенати Кенгаши тасдиқлаган.

Маълумот ўрнида, Акмал Эшондадаевич Бурхонов 1981 йил 26 май куни Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2003 йили Тошкент давлат юридик институтини, 2007 йили Япониянинг Нагоя давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос. Рус, инглиз ва япон тилларини мукаммал билади. "Адолат" социал-демократик партиясининг аъзоси.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Республика Адлия вазирлиги идоравий-меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси вазифасида бошлаган. У иш фаолияти давомида Адлия вазирлиги вазирлиги қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бўлими бошлиғи; Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори; Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси катта ўқитувчиси; Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг соғлигини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси; “Тараққиётстратегияси” маркази ижрочи директори лавозимларида меҳнат қилган.

Ўтган сайловда Тўрақўрғон туманидаги округдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Акмал Бурхонов 2019 йил январь ойидан ҳозирги вақтга қадар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси лавозимида ишлаб келаётганди. Акмал Эшондадаевичнинг маълум қилишича, унинг асосий лавозими билан бир вақтда депутатлик фаолияти ҳам давом этиши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, Акмал Бурхонов давлат ва жамият олдидаги камтарона меҳнатлари қадрланиб, 2018 йилда Президент Фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги фармонига асосан ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишдир.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори этиб тайинланган Акмал Эшондадаевич Бурхоновга масъулиятли вазифада олиб борадиган хайрли ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->