Шу йилнинг 22 декабрь куни вакиллик органларига бўладиган сайловлар арафасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоятида ўз ҳудудий кенгаши раисини ўзгартирди.

Партия марказий кенгаши раисининг буйруғига асосан Абдурашид Яҳёевич Убайдуллаев ЎзХДП Наманган вилояти кенгаши раиси этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Абдурашид Яҳёевич Убайдуллаев 1950 йил 1 январда Наманган шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Маълумоти олий, 1972 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзоси.

Абдурашид Яҳёевич ўз меҳнат фаолияти давомида Наманган вилоятидаги бир қатор тўқимачилик ва саноат корхоналарида самарали иш олиб борди. Хусусан, у Наманган шойи ва костюмбоп матолар комбинати, Поп нотўқима материаллар фабрикаси, Наманган нотўқима матолар ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Намангантекстиль” ҳиссадорлик жамияти, Наманган вилояти саноат савдо концерни, Наманган вилояти ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармасида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди.

Абдурашид Убайдуллаев ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳам фаоллик кўрсатди. Айни шу сабабли ҳам у тўққиз йил, яъни 2005-2014 йилларда ЎзХДП Наманган вилояти кенгашига бошчилик қилди. Аммо ўша пайтда партия бошида турган марказий раҳбарият томонидан ноҳақ ишдан олинган эди.

Абдурашид Яҳёевич 2018 йилдан ҳозирги вақтга қадар Наманган вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши раисининг ўринбосари – маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётган эди.

“Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди” деганларидек, ҳаётий ва сиёсий тажрибага эга бўлган Абдурашид Яҳёевич Убайдуллаев яна раҳбарлик лавозимига қайтарилди.

“Namangan24.uz” сайти ЎзХДП Наманган вилояти кенгаши раиси этиб тайинланган Абдурашид Яҳёевич Убайдуллаевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->