2022 йил 1 февралдан кучга кирадиган мамлакатимиз қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этамиз. Дайжест Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди.

Балиқ етиштирувчиларнинг фойда, ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилади

Ўзбекистон Президентининг [ПҚ-83-сон] қарорига кўра, 2022 йил 1 февралдан фуқароларўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйиши мумкин.

Қолаверса, ушбу санадан бошлаб 2025 йилнинг 1 январигача балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун

- фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари);

- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинг жорий қилинади

Президентимиз [ПҚ-81-сон] қарори билан 1 февралдан эксперимент тариқасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинади. 2022 йил 1 июлдан эса барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилади

Давлатимиз раҳбарининг [ПҚ-57-сон] қарорига асосан, 1 февралдан бошлаб Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курслар ташкил этилади.

Бунда, қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурлари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни инобатга олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Миллий ёки халқаро сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига устама тўланади

Вазирлар Маҳкамасининг [34-сон] қарорига мувофиқ, 1 февралдан таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларда (синфлар) ишлаётган “С1” даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб 2 йил давомида устама тўланади. Бунда устама ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида бўлади.

Бунда рус тили бўйича “Test of Russian as a Foreign Language (TORFL)” халқаро сертификатининг “C1” даражаси, “Тест по русскому языку как иностранному” (ТРКИ) халқаро сертификатининг “ТРКИ 3” даражаси, “Тест по русскому языку как иностранному” халқаро сертификатининг “С1” даражаси ҳамда “Common European Framework of Reference (CEFR)” методикаси бўйича “С1” даражадаги сертификатлар ўзаро мувофиқ ҳисобланади.

Электрон тўлов чекларида ҳам фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади

Президентимиз [ПҚ-5252-сон] қарори билан 2022 йил 1 февралдан бошлаб тўлов ташкилоти, тижорат банкларининг электрон тўлов хизматлари (шу жумладан мобил иловалар орқали), шунингдек, электрон тижорат платформалари — “Маркетплейс”ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо ва пуллик хизматлар бўйича транзакция-ларнинг (“P2P”, кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилсин.

Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига давлат бюджетидан ҳар ой қўшимча трансфертлар ажратилади

Давлатимиз раҳбарининг [ПФ-52-сон] фармонига кўра, Республика Молия вазири Тимур Ишметовга 2022 йил 1 февралдан 2023 йил 1 январга қадар Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар ойда 2,5 миллиард (жами 27 м иллиард 500 миллион) сўм миқдоридаги қўшимча трансфертлар Давлат бюджетидан ажратилишини таъминлаш юклатилган.

Янги ҳоким ўринбосари лавозими жорий этилади

Президентимиз [ПҚ-76-сон] қарорига биноан 1 февралдан бошлаб вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ташкил этилади.

Ҳукумат аппарати тузилмасидаа 3 нафар ходимдан иборат бўлган Экологик назорат бўлими ташкил этилади.

Маҳаллий фармацевтларга айрим харажатлари қоплаб берилади

Ўзбекистон Президентининг [ПФ-55-сон] фармонига кўра, 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади. Бунинг учун улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш керак бўлади.

© namangan24.uz

--> -->