Наманган вилояти ҳокимлигида Туркиянинг “Idealist” меъморчилик ва муҳандислик компанияси томонидан Нанай туристик зонаси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Бу ҳақида "Namangan24.uz" сайтига вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этиш жоиз, Нанай - Наманган заминининг шимолий қисмида жойлашган баҳаво қишлоқ. Тоғлар этагидаги бу маскан ўзининг ажойиб табиати, бетакрор манзаралари билан сайёҳларни ўзига тортиб келган.

Узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳа доирасида кўплаб объектлар қурилиши кўзда тутилган. Улардан бири - Нанай туризм маркази 27,9 гектар майдонда барпо этилади. Унинг таркибига 549 ўринли беш юлдузли ва 251 ўринли тўрт юлдузли меҳмонхона, 4000 ўринли қишки ва ёзги томошалар зали, кўргазмалар маркази, ҳунармандлар устахоналари, шунингдек, қатор кўнгилочар иншоотлар киритилган.

Нанай кичик туризм зонаси эса 14,5 гектар ҳудудда жойлашиб, унда 920 ўринли иккита беш юлдузли меҳмонхона, 549 кишига мўлжалланган нафас йўллари ва диабет касалликларини даволаш сиҳатгоҳи, 78 та вилла-меҳмонхона, замонавий савдо маркази, ресторан ва кафелар, тоғ дор йўли каби объектларни барпо этиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади ҳудуднинг табиий шароитларидан фойдаланган ҳолда экологик туризмни ривожлантиришдан иборат. Тақдимот чоғида лойиҳага қатор қўшимчалар киритиш ҳақида фикр алмашилди. Кейинчалик ушбу лойиҳадан ўрин олган бино ва иншоотлар қурилиши инвесторларга таклиф этилади.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати суратларидан фойдаланилди.

--> -->