Бугун - 2020 йил 14 август куни Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Россия Федерациясининг Свердловск вилояти туризмни ривожлантириш маркази ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бу ҳақида "Namangan24.uz" ахборот-таҳлилий порталига Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармасидаги манба хабар берди.

2019 йил ноябрь ойида имзоланган Наманган вилояти ҳокимлиги ва Свердловск вилояти ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик келишувидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган меморандум, Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дилмурод Жумабоев ва Свердловск вилояти туризмни ривожлантириш маркази директори Эльмира Туканова томонидан имзоланди.

Меморандумга асосан, икки вилоят ўртасида туризм соҳасида ахборот ва тажриба алмашинуви йўлга қўйиш, туризм секторига ўзаро инвестициялар жалб этиш, туризм маҳсулотлари тарғиботи ва маркетингини амалга ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилиш белгиланган.

Ушбу меморандумда белгиланган мақсадларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

© Namangan24.uz

--> -->