Наманган вилояти адлия идоралари томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатларини ўз вақтида ва жойида ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, фуқаро Эътибор Бердиалиеванинг Поп тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати туман адлия бўлими томонидан кўриб чиқилди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими хабар берди.

Ўрганиш натижасига кўра, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага асосан туман тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 3 январдаги 3-сонли буйруғи бекор қилинди.

Шунингдек, фуқаронинг ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзган аризаси туман тиббиёт бирлашмасининг 132-сонли буйруғи асосида у билан тузилган меҳнат шартномаси 2019 йил 15 январдан бекор қилиниб, шу кунга қадар ишлаган ойлик иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланди.

Шу билан бирга, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Рустамжон Раҳматуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги аниқланди. Бош врачга нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Поп тумани бандликка кўмаклашиш марказига тегишли маъмурий таклиф киритилди.

Марказнинг 2019 йил 27 февралдаги қарорига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди.

© namangan24.uz

--> -->