Учқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилган амалий семинарда айни шу ҳақида атрофлича фикр юритилди. Унга Наманган вилоятидаги шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари координаторлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар мудирлари таклиф этилди.

Таъкидлаш ўринлики, поликлиникалар аҳоли энг кўп мурожаат этадиган, касалликларни даволашдан кўра олдини оладиган тиббиёт масканига айланиб бормоқда. Иш самарадорлигини ошириш учун жорий қилинаётган янгиликлар туфайли фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлашда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Учқўрғонда ташкилланган анжуманда бу йўналишдаги ибратли ишлар тарғиб қилинди. Авволо, соғлиқни сақлаш муассасаси таъмирлашдан сўнг кўркам қиёфага келтирилган. Унда бугунги кун тиббиётининг замонавий жиҳатлари ўз ифодасини топган. Хизмат кўрсатишдаги янги технологиялар беморларга ҳам, шифокорларга ҳам катта қулайлик туғдирмоқда. Айниқса, “Электрон поликлиника” тизимига ўтилганлиги боис тирбанликка барҳам берилган. Бемор қайси шифокорга қачон мурожаат этиши ҳақида олдиндан билади. Семинар қатнашчилари умумий амалиёт шифокори Одина Дадахонованинг янгиликни қўллаш борасидаги тажрибаси билан танишдилар.

Қатнашчиларга “Аёллар маслаҳатхонаси” ва “Қизлар саломатлик маркази”нинг фаолияти, перинатал скрининг хонасидаги яратилган шароитлар кўрсатилди. Акушер-гинекологлар Дилдора Жўраева, Муҳаррам Мирзараҳмоновалар, Ультра товушли текширув (УЗИ) мутахассиси Соҳиба Тошбоевалар аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилаш, соғом авлодни вояга етказиш мақсадидаги эзгу саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, поликлиникадаги потранаж хизматининг ўрганса арзийдиган ишлари, айниқса ҳамшира сумкасидаги тиббий жиҳозларнинг бутлигига эътибор қаратилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси мажлислар залида кечган йиғилишда ҳам бугунги кун кўп тармоқли марказий поликлиникаси қандай бўлиши ва қай тартибда фаолият кўрсатиши ҳақида мулоҳаза юритилди. Анжуманда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Анваржон Абдураҳмонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров Президентимиз томонидан тиббиёт соҳаси олдига қўйилаётган залворли вазифалар, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этаётганлигини қайд этишди.

Бирлашма координатори Нилуфар Арзиқулова слайдлар воситасида кўп тармоқли марказий поликлиника хизматини йўлга қўйилиши, жорий қилинаётган янгиликлар ҳақида батафсил маъруза қилди. Поликлиника мудири Манзура Азизова хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган изланишлар юзасидан тушунча берди. Қонунчилик, маъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини қатъий таъминлаш баробарида фаолият натижадорлиги ортаётганлиги қайд этилди.

Мунозараларда сўзга чиққанлар бирламчи тизим ишини намунали йўлга қўйиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Бир сўз билан айтганда, анжуман натижасида соҳада қўлланилаётган янгиликлардан бохабар бўлинди, кўп тармоқли марказий поликлиника ишини янада жонлантириш бўйича тассаввурлар бойитилди. Учқўрғон тажрибасининг оммалаштирилишининг ўзи ҳам намунавий кўп тармоқли поликлиниканинг шаклланишига омил бўлади.

Абдулла Ғозиев,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->