Наманган вилояти ҳудудида коронавирусдан соғайган беморлар сони ортиб бораётгани ҳамда эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгараётгани қувонарли ҳолат. 2020 йил 8 август куни вилоят шифохоналарида дарддан фориғ бўлган 30 нафар бемор соғлом ҳаёт сари йўл олиб, яқинлари бағрига кузатилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Наманган шаҳри, Янгиқўрғон, Уйчи, Поп, Наманган ва Учқўрғон туманларида яшовчи соғайган беморларнинг 13 нафари эркак, 17 нафари аёл кишидир. Тузалганлар орасида энг кичиги 9 яшар бўлса, каттаси эса 63 ёшда.

Айни пайтгача коронавирус инфекцияси Ўзбекистонда 29 918 та, шу жумладан, Наманган вилоятида 774 та (+5 нафарга ошган) ҳолатда қайд этилган бўлиб, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари, қолаверса пандемияга қарши кўрилаётган изчил чоралар натижасида ҳозиргача тожли вирусдан соғайганлар сони 698 кишига етди. Даволаниш кўрсаткичи 90 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятимизда 71 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан олти нафари оғир, саккиз нафари эса ўта оғир аҳволда. 13 нафар бемор эса уйида даволанмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эслатиб ўтади: Азиз юртдошлар! Ҳали хавф тўла бартараф этилмаган. Хотиржам бўлишга асло шошилманг. Карантин қоидаларига қатъий амал қилинг!

© Namangan24.uz

--> -->