Наманганда бош мия соҳасида юқори технологияли жарроҳлик амалиёти маҳаллий мутахассислар томонидан муваффақиятли бажарилди. Мазкур операцияга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали нейрожарроҳлик бўлимида қўл урилди, дея хабар беради вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Бу жаҳон тиббиёти илғор усул ва услубларини вилоятимиз тиббиётида қўллашга астойдил интилаётган нейрожарроҳ Сайдулло Шарифбоевнинг изчил саъй-ҳаракатларининг самарасидир. Шу тариқа, нафақат Наманган, балки, Ўзбекистон тиббиётининг жарроҳлиги тарихида илк марта бош мияда олиб борилган нейроэндоскопик амалиёт муваффақиятли чиқди.

- Япония, Буюк Британия, Россия ва бошқа тиббиёти ривожланган давлатларга хизмат сафарлари чоғида илмий-амалий конференцияларда иштирок этиб, жаҳонга танилган олимларнинг бош мия соҳасида нейрожарроҳлик амалиётлари ўтказиш бўйича маърузаларини диққат билан тинглаб, улардаги замонавий тиббиёт жиҳозлари ёрдамида олиб борилган мураккаб нейрожарроҳлик амалиётларига қизиқиб қолгандим. Кейинчалик буни юртимизда жорий этишга уриниб кўриш ғояси пайдо бўлди, -дейди Сайдулло Шарифбоев. - Шу иштиёқ бўйича изланиш олиб бордик. Япония элчихонаси эълон қилган грант бўйича лойиҳа туздик. Натижада филиал учун 110 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилди. Бу маблағга Германиянинг “Карл Шторц” компаниясидан “Нейроэндоскоп” аппарати харид қилинди. Бугун мамлакатимизда ягона ҳисобланган мазкур такомиллашган ва қимматбаҳо ускунани ишга солиб, биринчи амалиётни ўтказдик.

Илғор технологиянинг афзаллиги шундаки, эндоскоп орқали инсон бош мияси асосида жойлашган ўсмалар мини инвазив усулда олиб ташланади. Биринчи жарроҳлик амалиёти ҳам шу йўсинда олиб борилди. Беморни безовта қилаётган касаллик бўйича бурун ва сфеноидал бўшлиқ орқали кирилиб, гипофиз бези ўсмаси бартараф этилди. Бутун амалиёт жараёни мониторда акс этиб турди. Ва бир ярим соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.

© namangan24.uz

--> -->