Наманганда ўтказилган йирик саломатлик анжумани – “ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишда инвестиция ва инновациянинг роли” мавзуида Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми доирасида вилоят кардиология марказида илк бор беморга буйрак кўчириб ўтказилди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти соғлиқни сақлаш ходимларининг “Шифокор ва ҳаёт” газетаси таҳририяти хабар берди.

Академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов мураккаб жарроҳлик амалиётини шогирдлари билан биргаликда амалга оширди.

Қарийб 2 соату 30 дақиқа давом этган операция давомида Наманган шаҳрида яшовчи 37 ёшли Барно Мусабоевага донор - отаси Собиржон Мусабоевнинг бир буйраги трансплантация қилинди. Уларнинг ҳолати қониқарли.

- Беморнинг руҳан тетиклиги, соғлом кайфияти ва яшашга бўлган умиди трансплантация муваффақиятли якунланишида асосий омил бўлди, - дейди тажрибали жарроҳ Фазлиддин Баҳриддинов.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунга қадар бундай жарроҳлик амалиёти фақат хорижда ва пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бажариб келинган. Вилоятларда эса қўл урилмаган.

© namangan24.uz

--> -->