Бугун – 2019 йил 10 июнь, душанба куни Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада янги инновацион лойиҳалардан бири - телетиббиёт тизимини жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш мавзусида тадбир ўтказилди.

Бу ҳақда “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раҳбари Равшан Изамов соҳага татбиқ қилинаётган янгиликнинг моҳиятини изоҳлаб берди.

Нотиқ бемор ва шифокор ўртасида масофавий мулоқот ўнатиш, шу тариқа касаллика ташхис қўйиш ва даволаш ишларни олиб бориш, шунингдек шифокорлар касбий маҳоратини оширишга қаратилган машғулотларни интернет тармоғи воситасида ташкил этиш ҳақида тушунча берди. Тизимнинг тадбиқ этилиши натижасида хориждаги клиникаларга боришга, ортиқча харажатлар қилишга ҳожат қолмаслиги билдирилди.

Қайд этиш жоиз, тадбир бўлаётган тиббий муассасанинг ўзидан туриб Ҳиндистондаги етакчи клиника билан боғланилди. Дастлабки бемор саломатлиги ҳақида электрон тартибда маълумот юборилиб, уни безовта қилаётган дардни даволаш бўйича тиббий маслаҳат олинди.

Тақдимот маросимида Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов иштирок этишди. Шаҳар ҳокими телетиббиёт тизимини мамалакатда биринчилардан бўлиб Наманганда жорий этиш юзасидан Миллий палата раҳбари билан келишувга эришди.

Яқин орада вилоятимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг мулоқо янги, жаҳон андозаларига мос шакли вужудга келади. Яъни, телетиббиёт соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини такомиллаштириш борасидаги юксалиш босқичини бошлаб беради.

Абдуллажон Ғозиев, журналист.

© namangan24.uz

Суратлар "Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририятидан олинди. 

--> -->