Бутун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган “COVID-2019” пандемиясига қарши кураш давом этмоқда. Таассуфки, тождор вирус дунёнинг кўпгина давлатларида минглаб инсонлар ёстиғини қуритди.

Мамлакатимизда коронавирус қайд этилган 15 март кунининг ўзидаёқ Президентимиз бошчилигида тезлик билан чоралар кўришга киритилди. Юртбошимиз томонидан қатор фармон-қарорлари қабул қилиниб, унинг ижросини таъминлаш йўлида айни пайтда барча мутасаддилар, айниқса тиббиёт ходимлари тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб боришмоқда.

Коронавирус инфекциясини кенг тарқалмаслиги учун юртдошларимизга энг аввало, уйда қолиш чорланди. Касалликнинг олдини олиш мақсадида карантин чоралари кўрилмоқда. Бунинг моҳиятини тушуниб етган кишилар эса уйда қолиб, ўз саломатликларига қайғурмоқдалар.

Қайд этиш керакки, ўтган икки ойдан ошиқ вақт давомида Наманган вилоятида 250дан ортиқ фуқаро коронавирус инфекциясига чалинди. Ҳозирги вақтга қадар тожли вирусга қарши кўрилган изчил чоралар, айниқса, заҳматкаш шифокорларнинг тинимсиз меҳнатлари натижасида касалликка йўлиққанларнинг 92 фоизини даволашга эришилди. Лекин, бу кўрсаткичдан асло хотиржамликка берилмаслик керак. Вилоятимиз аксар қисми, хусусан Наманган шаҳри “қизил” ҳудуд рўйхатида эканлигини эътиборга олган ҳолда карантин қоидаларига оғишмай риоя этишимиз, вазият барқарорлаши учун уйимизда қолиб, ўз ҳиссамизни қўмоғимиз лозим. Чунки Аллоҳ Ўзининг муқаддас китобида, “Бақара” сурасида “Ўзингизни ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг”, деб огоҳлантирган.

Дарҳақиқат, карантин қоидаларига мукаммал амал қилсак, камчиликларга йўл қўймасак, оила аъзоларимизни ҳам мазкур талабларни бажаришларида эътибор қаратсак, касалликнинг олдини олган бўламиз.

Зарурият юзага келганда, режа билан хонадондан бир киши кўчага юмушини бажариши, бунда карантин қоидаларига риоя қилиб бориб келинса, айни муддаодир. Зеро, натижаси тез кунларда хурсандчиликларга олиб келиши яқин бўлади.

Азиз юртдошлар, айни карантин даврида, ойларнинг султони - муборак Рамазон ойининг охирги кунларида турибмиз. Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимизда коронавирус пандемиясини бартараф этишда жонбозлик кўрсатаётган барча фидойи инсонларга – давлатимиз раҳбари, вилоят ва шаҳар раҳбарлари, заҳматкаш шифокорлар ва ҳамширалар ҳақига дуода бўлиб, уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз. Яратганнинг Ўзи бошимиздаги синовли дамларни тезда аритсин.

Муҳаммадхон қори Абдуллаев,

Наманган шаҳридаги “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-ноиби.

© namangan24.uz

--> -->