Наманган вилояти аҳлига яхши таниш бўлган Солижон Мўминов умрининг 27 йилини халқимизга ҳалол ва фаол тиббий хизмат кўрсатишга бағишлаб келаётган фидойи инсонлардан.

1970 йилда Наманган шаҳрида, оддийгина оилада туғилиб ўсган Солижон Мўминов болалигидан илмга ташна бўлди. Еттидан бири - Ҳизр, деганларидек, падарибузруквори Жалил ота, онаси Раҳимахон аялар етти фарзанд ичида мана шу Солижонга бошқача умид кўзи билан қарар, унинг устозлари тилидан томаётган илиқ гаплар улар юрагига нур бағишлар эди. Бу умидлар изсиз кетмади, Солижон қатъий аҳди - шифокор бўлишдек мақсади сари катта қадамни ташлади. 1987 йил - мактабни тугатган йилиёқ Андижон давлат тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлди. Талабалик йилларида сабоқ берган устозлари ҳам уни келажакда Наманган вилояти тиббиёти учун жон куйдиргувчи, унинг равнақи учун арзирли тамал тошини кўя олгувчи мутахассис бўлишига ишонч билдиришди. Шубҳасиз, шундай бўлди.

Шифокорликни дилиган туйган ёш Солижон тиб илми асосчиси ҳазрат Ибн Сино издошлари қаторида туриб, амалиёт билан илмий-тадқиқотни бирга олиб бориб, фан номзоди деган илмий даражага эга бўлди. Устозларидан ташкилотчилик ва ташаббускорлик хислатларини ҳам ўзлаштириб, чинакамига камолот касб этди. Вилоят кардиология марказида 20 йил меҳнат қилиб, оддий врачликдан бўлим мудири ва марказ бош шифокори даражасига етди. 2014 йилдан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида бор билими, малакаси ва раҳбарлик салоҳиятини Наманган тиббиётини жаҳон андозалари асосида ривожлантиришга сидқидилдан   сарфлаб келмоқда.

Солижон Жалиловичнинг жамоатчилик фаолияти ҳам ғоят ибратга лойиқ. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг вилоят кенгаши раиси сифатида вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тобора ривож топишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Шунингдек, икки муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди. Билдирилган юксак ишончни оқлаш учун кечаю-кундуз тиним билмади. Замондош ёшларга ҳамиша ибрат кўрсатди.

Айтганча, биз ижодкорлар кўп матбуот анжуманларида бўламиз, уларда нотиқларнинг қоғозга қараб “доклад” ўқиб беришларига кўникканмиз. Аммо ўтган йил якунларига бағишлаб ўтказилган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг пресс-конференциясида Наманган вилояти бош врачи Солижон Жалиловични ҳеч қанақа қоғозга қарамай, нақд бир соатдан кўп вақт ичида йил давомида соҳада бажарилган ишлар ҳақида адашмасдан сўзлаб бергани, кўплаб рақамларни аниқ келтира олиши, бир сўз билан айтганда нотиқлик қобилияти ва фавқулодда хотирлаш иқтидорини кўрсата билгани билан ижобий таассурот уйғота олганди.

Табиатан беғубор инсон Солижон Мўминовни 1 июнь кунида таваллуд топганлигида ҳам ажиб ҳикмат бор. Ярим асрлик умр соҳиби – Солижон Жалиловични қутлуғ 50 ёшга тўлиши муносабати билан чин дилдан самимий табриклаймиз. Шифокорликни шону шараф ила улуғлаётган қадрдон акамизга Яратгандан мустаҳкам смаломатлик, оилавий шодумонлик, ғайрату шижоатига асло кўз тегмаслигини тилаймиз. Эл - юрт равнақи йўлидаги, халқ саломатлигини сақлашдаги эзгу ишларингизда асло чарчаманг, деймиз!

© namangan24.uz сайти жамоаси.

--> -->