Ўзбекистонда февраль ойида карантин чекловлари кучайтирилиши ҳақидаги миш-мишлар рад этилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков бу миш-мишлар ўринсиз эканлигини маълум қилди.

“ -Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми қайд қилинмаган. Янги штамм қайд қилинмагани туфайли эҳтиёт чораларини сусайтириш ярамайди. Биз ҳамон пандемия даврида яшаяпмиз.

Карантин чораларининг февраль ойида кучайтирилиши ҳақидаги гаплар ўринсиз. Бу борада фақат Республика махсус комиссияси қарор чиқариши мумкин. Бундай қарор чиқарилганда эса расман эълон қилинади», - деди Нурмат Отабеков.

Доктор Отабековнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар куни турли ҳудудларда коронавирус аниқланмоқда. Шу жумладан, Тошкент давлат педагогика университетининг талабасида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилгани рост. Аммо бу янги штамм эмас, умуман эпидемиологик вазият ҳам барқарор. Ўша факультет талабаларига маълум муддат жавоб берилгани эса стандарт амалиёт.

“ -Такрор айтаман, касаллик бизга кириб келмабди, дея хотиржамликка берилиш, ҳимоя ва гигиена қоидаларини унутиш тўғри эмас. Эҳтиёт чоралари ҳамон амалда”, - дея қайд этади Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков.

© namangan24.uz

--> -->