Тўрақўрғон туманида яқин кунларда қурилиши бошланадиган тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “HYUNDAI MOTOR UZ NAMANGAN” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бу ҳақида “namangan24.uz” сайтига Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси хабар берди.

Наманган вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда ушбу қўшма корхонанинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен томонидан “Evergreen Motors” компанияси президенти Ким Чанг Кеонга тантанали топширилди.

Низом жамғармаси 92 965 070 000 сўм, яъни 11 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи янги автозаводда даставвал, йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 2 минг 500 тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Заводнинг илк босқичда 150, тўла қувват билан ишга бошлагач эса мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

--> -->