Алибек Алишерович Эргашев Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаевнинг 2020 йил 2 сентябрдаги буйруғи билан Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

2018 йил ноябрь ойидан бери ушбу масъул вазифада фаолият юритиб келган Раҳимжон Турдиалиевич Ирисов Агентлик (АОКА) раҳбарининг буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, Алибек Алишерович Эргашев 1985 йил 29 июль куни Наманган вилояти Чуст туманида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2009 йили Тошкент Давлат жаҳон тиллар университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Мутахассислиги журналист. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг аъзоси. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

Алибек Эргашев меҳнат фаолиятини 2008 йилда “Истеъмолчи-потребитель” газетаси мухбири сифатида бошлаган. Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси ва “Куч адолатда” газетаси бирлашган таҳририяти мухбири; Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказининг телерадио эшиттиришлар мониторинги мобил гуруҳи 1-тоифали мутахассиси,  етакчи мутахассиси; Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази Жиззах вилояти минтақавий бўлими бошлиғи; “Сарҳад” газетаси (sarhad.uz сайти) бош муҳаррири; Наманган  вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси вазифаларида меҳнат қилган. У 2019 йилнинг июль ойидан ҳозирги вақтга қадар Наманган  вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш сектор мудири вазифасида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги – АОКА Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасига масъул этиб тайинланган Алибек Алишерович Эргашевга масъулиятли вазифада олиб борадиган эзгу ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->