Йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар йили ўнлаб инсон нобуд бўлаётгани ачинарли ҳолат. Пиёдалар билан боғлиқ автоҳалокатларда баъзан пиёдаларнинг ўзи айбдор, лекин, тезликни ҳаддан оширган ҳайдовчининг ҳам бунда катта айби бор.

Ўпкасини босолмай қолган, машина рулига ўтиргач, ўзини гўё “учар гилам”да ҳис қилувчи кимсалар ҳам учрамоқда. Эндигина 19 ёшга кирган Оқил Ҳомидов “Ваз-2101” ва у билан тенгдош бўлган Босит Шарипов “Ваз-2106” автомашинасида фуқароларнинг ҳаётига хавф солиб, жуда катта тезликда бир-бирини қувлашиб ҳаракатланиб келаётган пайтда ИИБ ходимлари мазкур ҳуқуқбузарликка барҳам бериш мақсадида машиналарни тўхтатдилар.

Лекин... Бундан ноўрин ғазабланган “шерюрак” ҳайдовчилар ички ишлар ходимини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишади ва ИИБ ходимининг қонуний талабини бажармай жуфтакни ростлаб жўнаб кетишади.

Иккала “ҳайдовчи” ҳам ушланиб бўлимга олиб келинди. Ҳозирда улар ҳам жарима, ҳам маъмурий қамоқ жазосини ўташди. Зора, бу воқеа бошқа шошқалоқ ҳайдовчиларга сабоқ бўлса...

Баҳодир Абдуллаев,

Косонсой тумани маъмурий суди раиси.

© namangan24.uz

--> -->