Айни кунларда Наманганда давом этаётган 59-анъанавий “Халқаро гул фестивали”га ҳамоҳанг тарзда “Ўзбекистонда манзаралари гуллар хилма-хиллиги: муаммолар ва ютуқлар” мавзуида халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Конференция аввалида сўзга чиққан Наманган муҳандислик-технология институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов юртимизда, хусусан Наманган вилоятида гулчилик саноатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 май куни пойтахтимизда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан бўлган учрашувида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида белгилаб берилган вазифаларга эътиборни қаратди.

Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Гулчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур конференцияда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари академик-олимлари, професор-ўқитувчилари, мутахассислари, тадқиқотчилари, иқтидорли талабалари томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан ташқари АҚШ, Россия, Япония, Ҳиндистон ва Эрон давлатларидан келган нуфузли олимлар, экспертлар, соҳа мутахассислари ҳам халқаро анжуман мавзуига доир маърузалари билан иштирок этдилар.

Айниқса, халқаро анжуманда Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, ботаника институти директори Комилжон Тожибоев, Ўзбекистон Миллий университети профессори, академик Абдуғаффор Мамадолимов, Андижон давлат университети профессори, академик Сайлобиддин Зайнобиддинов, Генетика илмий тадқиқот институти профессори, академик Aбдумавлон Aбдуллаев, Тошкент давлат аграр университети профессорлари Абдухалил Қайимов ва Хасан Бўриев, Урал давлат аграр университети профессори Владимир Сузан, Колумбия университети волонтёр-ўқитувчиси Бенжамин Аренстейн, “Палмиран” манзарали дарахт ва гул кўчатларини етиштириш компанияси агрономи Хусайн Дўст Муҳаммад, Лал Бахадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори Чандер Шекхарларнинг ўз мамлакатларидаги гул етишитиришдаги тажрибалари, эришилган ютуқлар, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар ҳақидаги аниқ таклифлар, мулоҳазага бой чиқишларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Конференциянинг ялпи ва шўъба мажлисларида манзарали ўсимликларни етиштиришда инновацион технологиялар ва муаммолар; халқаро миқёсдаги манзарали ўсимликлар биохилма-хиллиги ва уларнинг интродукцияси; ўсимликлар флораси ва уларни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг инновацион технологиялари йўналишларида бафуржа сўз юритилди.

- Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари ва ҳукумат қарори ижросидан келиб чиққан ҳолда Наманган муҳандислик-технология институтида 2018-2019 ўқув йилидан эътиборан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари технологияси факультетида “манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш” таълим йўналиши ташкил этилди, - дейди институт кафедраси мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Сурайё Мисирова. – Айни вақтда гулчиликка қизиққан 30 нафар ўғил-қиз ушбу мутахассислик йўналишида таълим олмоқда. Ҳозирга қадар кафедранинг илмий салоҳиятга эга бўлган олти нафар профессор-ўқитувчиси томонидан гулчиликни ривожлантиришга қаратилган 4 та монография, 1 та ўқув-қўлланма ва 1 та дарслик ишлаб чиқилиб, нашр этилди. Олимларимиз гулчиликни ривожлантириш маркази билан биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Яқинда эса гулчиликни ривожлантириш маркази ҳамда Голландиянинг “Ligthart Bloembollen V.O.F” компанияси ҳамкорлигида лола гулини етиштириш технологияси бўйича масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “LIGHARTULIPS NAMANGAN” қўшма корхона ташкил этилди.

Анжуманга хориждан келган нуфузли меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф буюриб, халқаро гул фестивали байрами билан яқиндан танишдилар. Чет-эллик олимларни боғга кўрк ва тароват бағишлаб турган ландшафт дизайн асосидаги турфа хил гул компоцизиялари ҳайратда қолдирди.

Оқилхон Дадабоев,

Наманган муҳандислик-технология институти матбуот котиби.

© namangan24.uz

--> -->