Косонсой туманининг Гулобод маҳалласида яшовчи Акбархон Нуриддинов 2018 йилнинг 11 декабр куни Испарон массивида жойлашган дала шийпонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган. Унга нисбатан, маъмурий жазо қўлланиб, суд томонидан жарима жазоси қўлланилган. Бироқ, фуқаро ушбу ҳаракатидан тўғри хулоса чиқармаган кўринади. Бўлмаса, яна у айнан ушбу дала шийпонида электр энергиясидан ўғринча фойдаланармиди?

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан фуқарога қарашли дала шийпонида электр энергиясидан фойдаланиши кўрилганда ноқонуний ҳолат фош этилди.

Гап шундаки, у “ҳеч ким билмайди” ёки “ҳеч ким кўрмайди” қабилида иш тутиб, токка ҳисоблагичдан ташқари уланиб олган. Олиб борилган суриштирувлар натижасида у ушбу ҳаракати орқали таъминотчи корхона манфаатларига 3 миллион 23 минг 250 сўм миқдорида зарар етказган. Ачинарлиси, амалдаги норматив-ҳужжатларга кўра, у электр қуввватидан фойдаланиш қоидаларини такроран қўпол равишда бузгани маълум бўлди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ахборот хизмати.

Бу ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган фуқаро таъминотчи корхонага етказилган зарарни тўлиқ қоплагани инобатга олинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми 8-бандига асосан айблилик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят иши қўзғатиш рад этилди. Энди истеъмолчи бундан тўғри хулоса чиқарар?

© namangan24.uz

--> -->