Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Президентликка сайлов муносабати билан сайловолди ташвиқот ишлари айни қизғин паллада. Бунда, албатта, ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки, муносиб номзодларни танлаб овоз бериши юртимиз тақдири, келажаги учун муҳим аҳамиятга эга экани ташвиқотлар, учрашувларда сайловчиларга етказилмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод  Алишер Қодировнинг сайловолди дастуридан ўрин олган халқчил ғоялар яъни, миллий урф-одат, анъаналар, шаклланган қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик, эҳсон, хайрия, ҳомийлик, закот каби қадриятларни қўллаган фуқароларни рағбатлантириш, жумладан давлат мукофотларига тавсия этиш, таълим сифатини яхшилаш,  тиббиёт тизимини янги босқичга кўтариш, ҳар бир соҳа учун шароитлар кўламини кенгайтириш масалаларига катта эътибор қаратгани сайловчиларга ғоят маъқул бўлганини уларнинг кайфиятидан, билдираётган фикр-мулоҳазаларидан ҳам билса бўлади.

Исломий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши, Қуръон курсларининг оммалаштирилиши, ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазасининг таъминланишига доир масалалар ҳам – айни халқимиз қалбида асраб юрган орзулардан бўлгани учун жойлардаги учрашувларда илиқ қарши олинмоқда.

Айниқса, номзод дастуридаги суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳ қилиниши, монополиялар тугатилиши муҳимлигини кескин белгилаб қўйилгани – ҳар бир  учрашувларда сайловчиларнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Тарғиботлар жараёнида  номзод дастурини  таништириш баробарида, сайловчилар  мулоҳазаларини ҳам тинглаб, мавжуд муаммолар ечимлари билан ўртоқлашдик.  Давом этаётган бу каби учрашувлар муаммоларнинг олди олинишида, халқ билан номзоднинг бир ёқадан бош чиқариб мулоқот қилишида, фаол партия номзодига овоз беришда  хизмат қилади.

Албатта, бу йилги сайловлар мутлақо янгича босқичда, янгича қарашлар асосида бўлиб ўтади. Тан олиш керак, юртимизда кейинги беш йилда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар биринчи галда одамларнинг сиёсий онги ва дунёқарашини ўзгартирди. Улар қайси соҳа бўлмасин, айниқса, сиёсий партияларнинг амалий ишларига қараб, муносиб баҳо беришмоқда. Бу эса, номзодаларнинг ўз устларида тинимсиз ишлашларига, сиёсий партияларнинг фаолиятида ҳам кераклича туртки бўлмоқда.

Президентлик сайловида ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки, лоқайд қарамаслиги -  мамлакат тараққиётига бўлган ишончини, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганини кўрсатиб беради.

Одилжон Маматкаримов,

Президентликка номзод Алишер Қодировнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, профессор,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
© namangan24.uz

--> -->