Наманган вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши билан вилоят ҳудудида коронавирус пандемияси тарқалишига қарши кураш тадбирлари доирасида 2020 йил 23 март, душанба кунидан бошлаб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи мулкчилик шаклидан қатъий назар “Дамас” русумли автотранспорт воситаларининг Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фармойишга кўра, шаҳар ҳудудида автобус, микроавтобус ва йўналишсиз такси транспорт воситаларини кунлик дезинфекция қилган ҳолда фаолиятга чиқишлари қатъий белгилаб қўйилади.

Вилоят транспорт бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Наманган шаҳар ҳокимлигига жамоат транспорти (автобус, микроавтобус) ва йўналишсиз такси транспорт воситаларини кунлик дезинфекция қилган ҳолда йўлга чиқишини таъминлаш топширилди.

Шунингдек, йўналишсиз таксиларда йўлкира нархи асоссиз ошириб юборилмаслиги ҳамда дезинфекция қилинган жамоат транспорти (автобус, микроавтобус) ва йўналишсиз таксилардан ташқари, автотранспорт воситаларида йўловчи ташишга йўл қўйилмаслигини қатъий назоратга олиш вазифаси юклатилди.

© namangan24.uz

--> -->