Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров бугун (2019 йил, 4 сентябрь куни) Чортоқ туманидаги ўзи таълим олган 9-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, “Билимлар куни” шодиёнасида иштирок этди.

Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хайрулло Бозоров ўқувчи-ёшларни янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади. Вилоят ҳокими қадрдон мактабининг 9-синфида бўлиб, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” эзгу ғояси асосидаги “Мустақиллик дарси”ни ўтди.

Ўзлари ўқиётган мактаб битирувчиси бўлган вилоят раҳбарининг мустақилликнинг моҳиятини ҳамда бугунги кундаги саодатли кунларга шукроналикни қамраган дарси жараёни, ўқувчиларни яратиб берилаётган имкониятлардан руҳлантириб, илм-фан сирларини пухта эгаллашлари учун шаҳду шижоат бағишлади.

Таъкидлаш жоиз, Чортоқ туманидаги 9-умумтаълим мактаби эътирофга лойиқ маърифат даргоҳларидан. “Обод қишлоқ” дастури доирасида 3 миллиард 62 миллион сўм маблағ сарфланиб, қайта таъмирланган илм маскани 831 нафар ўқувчини ўз бағрига олди.

Дарвоқе, 103 нафар болажон мактабга илк қадам қўйди. 1-синф ўқувчилари саналган, нигоҳларидан қувонч порлаган жажжи ўғил-қизларга вилоят ҳокими Президент совғаларини туҳфа қилди.

© namangan24.uz

--> -->